Xəbər lenti
Янграр ҳар ёнларда, Наврўз муборак

( мухтсар маълумот)
Муҳаммадшер Отабоев 1959-йил 23-апрелда Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани, Қизилёзи қишлоғида туғилган. 1976-йилда қишлоғидаги 36-умумий ўрта таълим мактабини битириб, 1977-1984 йилларда Наманган давлат педагогика институти (ҳозирги НамДУ)нинг тарих факультетини тамомлаган. Педагогик фаолият билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб келади. Ёзганлари туман, вилоят ҳамда республика матбуот нашрларида чоп этилган ва ўқувчилар томонидан ижобий баҳоланиб, эътироф этилган.
Ижод намуналари "Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал"(2011), "Илм уммонининг жавоҳирлари" (2012), "Азим дарё ирмоқлари" (2018), "Меҳр чашмалари" (2020), "21 аср Наманган адабий бўстони" (2023) тўпламларига киритилган.
2024 йилда "Қўнғироқ жарангги" деб номланган илк китоби чоп этилган. Унинг ушбу китоби "Энг улуғ, энг азиз—2024" республика танловининг вилоят босқичида биринчи ўринга лойиқ топилган.
Н А В Р Ў З М У Б О Р А К
—1—
Бодомнинг шоҳида гуллади Наврўз,
Дилимнинг оҳида гуллади Наврўз.
Олам нигоҳида гуллади Наврўз,
Янграр ҳар ёнларда, Наврўз муборак,
Еру осмонларда Наврўз муборак.
Бодомга эргашиб ўрик гуллади,
Гилос, олма, олча, кўриб гуллади.
Гулимнинг гулларин кўринг гуллади,
Кўриб ҳайронларга, Наврўз муборак,
Давру давронларга Наврўз муборак!
Кимнингдир қабрида мойчечак унди,
Кимнидир қабрида бойчечак унди.
Соғинчли қалбимда ой, чечак унди,
Кўриб ҳайронларга, Наврўз муборак,
Дарду армонларга Наврўз муборак.
Бор мавжуду, фано бари ёд бўлгай,
Дардлими, дардсизми, дил обод бўлгай.
Бизлар шод бўлдик-ку, руҳлар шод бўлгай,
Айтгум ҳар ёнларга, Наврўз муборак,
Йиғлаб Қуръонларга, Наврўз муборак!
Йиғлаган анорнинг кўз ёши—шабнам,
Гуллай олмай йиғлар анор, жийда ҳам.
Уларга қўшилиб йиғлайди дийдам,
Кўриб ҳайронларга, Наврўз муборак,
Дарди аёнларга Наврўз муборак.
Ҳижроннинг эшигин ёпсанг-чи, эй, дил,
Овутмоққа бир сўз топсанг-чи, эй, дил.
Гуллай олмаганга нима дей, эй дил,
Ўйлаб ҳайронларга, Наврўз муборак,
Дўсту ёронларга, Наврўз муборак.
Сабр қил, сенинг ҳам кунинг келгайдир,
Юлдузли ва ойли тунинг келгайдир.
Юсуфдай чиройли қулинг келгайдир,
Кўриб ҳайронларга, Наврўз муборак,
Сабру ҳижронларга Наврўз муборак!
Ўшанда кулдириб, гулинг гуллагай,
Гуллаган гулингдай кўнглинг гуллагай.
Нафақат тушларинг, ўнгинг гуллагай,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Айтгин ҳар ёнларга, Наврўз муборак!
—2—
Ризқу рўзимиз, дон ва нондир Наврўз,
Қўллари қадоқли деҳқондир Наврўз.
Суҳбати мароқли меҳмондир Наврўз,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Боғу боғбонларга Наврўз муборак!
Деҳқон даласида қолди қимирлаб,
Қурту қумурсқалар изғир ғимирлаб,
Юлдузлар кўз қисар жимир—жимирлаб,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Бободеҳқонларга Наврўз муборак!
Тоғнинг этагида эриётир қор,
Сойларда шарқираб оқмоқда баҳор.
Баланд чўққиларда қишнинг ҳақи бор,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Кўлу уммонларга Наврўз муборак!
Табиат атрофга гиламин ёйса,
Кўзни қувонтирар ўт-ўлан майса.
Самода чарх урган қушлар кўпайса,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Еру осмонларга Наврўз муборак.
Айғирнинг ёлини тараб, сийпалаб,
Қулунни қучоқлаб, суйиб эркалаб.
Бияни соғадир чўпон эрталаб,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Қимиз, айронларга Наврўз муборак!
Гулнинг гулдонига тўлибди асал,
Юртнинг ўрмонига тўлибди асал.
Ари хирмонига тўлибди асал,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Дашту ўрмонларга Наврўз муборак!
Қаранг, ажаб ҳолат, осмон булутдир,
Жой излаб осмонда сарсон юрибдир.
Ёмғир ёғса ерга эҳсон бўлибдир,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Абру найсонларга Наврўз муборак!
Чирпирак шамоллар айланар қирда,
Кўп марта кузатдим уни адирда.
Бу ҳам Яратгандан ажойиб сирда,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Чангу тўзонларга Наврўз муборак!
—3—
Мушк-анбар таратиб ҳавода Наврўз,
Тол сочин тортадир шаббода—Наврўз.
Ишққа мубталоми мабодо Наврўз,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Қизу ўғлонларга Наврўз муборак!
Куну тун тинмасдан елди қалдирғоч,
Сени унутмасдан келди қалдирғоч.
Энди кутдирмасдан деразангни оч,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Гиру гирёнларга Наврўз муборак!
Совчилар қиз излаб йўлда толдилар,
Сиз-сизлаб, юракка қўлни солдилар.
Қудани олқишлаб оқлик олдилар,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Қуда томонларга Наврўз муборак.
Боғларим баҳорнинг бўйига тўлди,
Бойчечак анҳорнинг бўйига тўлди.
Юртим ўғил-қизнинг тўйига тўлди,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Ёр-ёр, ёронларга Наврўз муборак.
Юракка юк бўлган ғамлар унутдир,
Киприкни намлаган намлар унутдир.
Ҳасрат, надоматли дамлар унутдир,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Қувончли онларга Наврўз муборак.
Ўнгидан келгандек хайрли тушлар,
Юз кўрмаслар кулиб бир-бирин хушлар.
Одамлар ҳайратда ёқасин ушлар,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Ширин забонларга Наврўз муборак!
Беморнинг яшашга ортиб ишончи,
Кўзида порламиш завқу, қувончи.
Тузалмас, деганлар бўлди ёлғончи,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Жони омонларга Наврўз муборак.
Чирмандалар чалиб рақс этар ҳурлар,
Байту, шеър, чистондан баҳс этар ҳурлар.
Бахтдан боғистонда дарс ўтар ҳурлар,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Раъно, Райҳонларга Наврўз муборак!
—4—
Осмонда ой бўлиб боқмоқда Наврўз,
Сойларни тўлдириб оқмоқда Наврўз.
Дарвозангни бориб қоқмоқда Наврўз,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Бахтли замонларга Наврўз муборак!
Барчани уйғотиб Наврўз юрганмиш,
Не-ки, бор уйқуда, бари уйғонмиш.
Тошдан-тошга сакраб кийик қувонмиш,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Оҳу жайронларга Наврўз муборак!
Самода чуғурлаб, чарх уриб қушлар,
Жуфти билан бирга инлар қурмишлар.
Қўзилар яйловда яйраб юрмишлар,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Қушу ҳайвонларга Наврўз муборак!
Муборак дўстгинам,айтгин, қайдасан,
Соғинтирдинг, етар, қайтгин, қайдасан?!
Қачон қувонтириб ғазал айтасан?,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Дилга дармонларга Наврўз муборак!
Сену мен куймасак, куяди кимдир,
Ёмонни, яхши, деб суяди кимдир.
Наврўзнинг шукуҳин туяди кимдир,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Ва меҳрибонларга Наврўз муборак.
Қўлингни дуога узатмоқ бахти,
Юлдузни айвонда кузатмоқ бахти.
Насибмиш уйингни тузатмоқ бахти,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Уйу айвонларга Наврўз муборак!
Шариат айтадир: – “Ўлдир илонни”,
Тариқат айтадир: – “Қийнама жонни”.
Ҳикмати бор, дерлар ҳатто шайтонни,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Абду Раҳмонларга1 Наврўз муборак!
Чаққон қуёндан ҳам ҳикмат изладим,
Чаққан чаёндан ҳам ҳикмат изладим.
Ҳатто илондан ҳам ҳикмат изладим,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Илон, чаёнларга Наврўз муборак!
Фақат ҲАҚ ишқида ёнмоқлик вақти,
Тариқатдан сабоқ олмоқлик вақти.
Салом бер, савобга тўлмоқлик вақти.
Жаннатларда мангу қолмоқлик вақти,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Пийру пийронларга Наврўз муборак!
—5—
Дарёлар бўйида бўйлаган Наврўз,
Куйлаган мен эмас, куйлаган Наврўз.
Туроннинг иқболин ўйлаган Наврўз,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Юрти толонларга Наврўз муборак!
Энг қадим тарихдан аёндир Наврўз,
Тарих баёзида баёндир Наврўз.
Туғилган ватани Турондир, Наврўз,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Мулки Туронларга Наврўз муборак!
Афраосиёбдир шаҳри Самарқанд,
Бухоро, Хоразм аҳли Самарқанд.
Наврўзга энг аввал ҳақли Самарқанд,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Шаҳри Қўқонларга Наврўз муборак!
Гўрўғли ғиротда отни ўйнатиб,
Алпомиш еладир ётни ўйлатиб.
Манас келаётир эпос сўйлатиб,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Туркий достонларга Наврўз муборак!
Фарғоний, Фаробий илми бинодир,
Табобат бобида ибн Синодир.
Хоразмий, Улуғбек осмон—самодир,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Абу Райҳонларга Наврўз муборак!
Қошғарийдан—"Девону луғотут- турк",
Юсуф хос Ҳожибдан—"Қутадғу билик".
Югнакий, Рабғузий мероси тирик,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Соҳиб девонларга Наврўз муборак!
Ганжавий, Деҳлавий, шавкатли Жомий,
Боротни2 етаклаб ҳазрат Навоий.
Соҳиби Хамсалар саф тортмиш олий,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Тили бийронларга Наврўз муборак!
Бобурнинг пок руҳи саҳари мардон,
Ҳинду Андижонда кезар саргардон.
Ахсию Самарқанд ҳам балогардон,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Пуштин, афғонларга Наврўз муборак!
Жалолиддин Румий нур осмонида,
Мавлано Лутфийни боғ, бўстонида.
Саъдий Шерозийни "Гулистон" ида,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Ва ғазалхонларга Наврўз муборак!
-6-
Ишққа тўла мактуб йўллади Наврўз,
Қоқилиб қолганни қўллади Наврўз.
Ўлдирмоқ бўлдилар, ўлмади Наврўз,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Уйғоқ виждонларга Наврўз муборак!
Туркий эл ош берар, ожизни қўллаб,
Адашган кимсани оқ йўлга йўллаб.
Беғараз сув берар қолса ҳам чўллаб,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Инсоф, иймонларга Наврўз муборак!
Шерлар наъра тортиб овга отланар,
Йўлбарслар йўл тўсиб ёвга отланар.
Шукуҳли кунларда мардлар ёдланар,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Шеру арслонларга Наврўз муборак.
Сак ва массагетлар, Тўмарис, Широқ,
Спитамен сафда фахрим ўлароқ,
Руҳларин шод этиб ҳилпирар байроқ,
Мулки жаҳонларга Наврўз муборак,
Туркий хоқонларга Наврўз муборак!
Жалолиддин кезар боқиб Жайҳунга,
Темур Малик келмиш соҳил Сайҳунга.
Соғуний, Қодирий... руҳи ҳам бирга,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Чўлпон, Усмонларга Наврўз муборак!
"Биз ким мулки Турон, Амири Туркистон"3,
Амир Темурдандир томирдаги қон.
Адолат байроғи давлатга қалқон,
Бир бўлсак қувватда бўламиз вулқон,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Қилич, қалқонларга Наврўз муборак!
Қозоғистон бир ён, бир Қирғизистон,
Туркманистон бир ён, бир Тожикистон.
Тарих бир, удум бир,бир Ўзбекистон,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Дўст қадрдонларга Наврўз муборак!
Эй, сен,мулки Турон, амир Туркистон,
Сенда эди қудрат,сенда шараф-шон.
Бугун тарқоқ элсан, юрак бағринг қон,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Ҳур Туркистонларга Наврўз муборак!
Минг йиллик чинордек туриб сан бугун,
Бир амирга муҳтож турибсан бугун.
Нега бирлашолмай юрибсан бугун,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Марду майдонларга Наврўз муборак!
Турон тарихидан сўзлашиш керак,
Сиёсат сиридан сирлашиш керак.
Уйғон Туркистоним!!!
Бирлашиш керак!!!
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Шоҳу султонларга Наврўз муборак!
—7—
Нурланиб нурлаган отамдир Наврўз.
Гул бўлиб гуллаган онамдир Наврўз.
Бувимдир, бобомдир, боламдир Наврўз,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Меҳрибон жонларга Наврўз муборак!
Англолмай қоламан тушумми, ўнгим,
Гулларга тўлмишдир ўнгим ва сўнгим.
Гуллаган оламмас, бу менинг кўнглим,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Гулу райҳонларга Наврўз муборак.
Ўнгга айланмишдир чарҳи кажрафтор,
Жуда ҳам чиройли келинчак—баҳор.
Бунданда гўзалроқ яна нима бор,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Қоши камонларга Наврўз муборак!
Таъзимга энгашиб қутлуғ кун келмиш,
Бўйлари тенглашиб кун ва тун келмиш.
Кўп билан кенгашиб, кулиб кун келмиш,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Бор-ки, инсонларга Наврўз муборак!
Ҳовлида пириллаб митти синчалак,
Наврўздан бизларга берадир дарак.
Дошқозонлар тўла тотли сумалак,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Кўксомса, нонларга Наврўз муборак!
Энг буюк давр бу: —Асри саодат,
Ҳар элнинг ватани—қасри саодат.
Наврўзда борлигинг асли саодат,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Марди мардонларга Наврўз муборак!
Шоирлар шод бўлиб тебратар қалам,
Аламлар залвари тоғдай бўлса ҳам.
Наврўзда эсланмас ҳар қандай алам,
Кўриб ҳайронларга Наврўз муборак,
Шеъру достонларга Наврўз муборак!
Наврўз хусусинда достон кўзладим,
Вале, ожизликдан нуқсон сўзладим.
Яхши сўз РОББимдан, ёмон сўз маним,
Ўқиган жонларга Наврўз муборак,
Уққан инсонларга Наврўз муборак!
Бодомнинг шоҳида гуллади Наврўз,
Дилимнинг оҳида гуллади Наврўз.
Олам нигоҳида гуллади Наврўз,
Борки одамларга Наврўз муборак,
Борки оламларга Наврўз муборак!
***
1 – Абду Раҳмон – Раҳмоннинг, яъни Аллоҳнинг қули.
2 – Борот – Борот Бойқобулов. Сўнгги Хамса муаллифи.
3 – Амир Темур.
***
Муҳаммадшер Отабоев.
Наманган вилоят
Янгиқўрғон туман
Қизилёзи қишлоғи
Manevr.az
Xəbəri paylaş
Çox oxunanlar
Son yüklənənlər



Axtarış
Reklam

İqtisadiyyat
Yazarlar
Emil Rasimoğlu
Emil Rasimoğlu
Emil Rasimoğlu
Cahangir NAMAZOV
-Təranə Dəmir
- Sevil Nuriyeva
Emil Rasimoğlu
Sorğu
Portalımızı dəyərləndirin.
Çox oxunanlar